Author Archive TMA ITC

«Ёшлар иттифоқи» стипендияси таъсис этилди

«Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи» Марказий Кенгаши барча олий таълим муассасаларида таҳсил олаётан бакалавр ҳамда магистр босиқичидаги талабалар учун ижтимоий-сиёсий, маънавий ва ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда ижтимоий фаоллигига қараб бериладиган рағбатлантирувчи «Ёшлар иттифоқи» стипендияси таъсис этилганини маълум қилди.

Мазкур стипендия йилнинг ўн ойи давомида тўлаб бериладиган тўлов шаклида ташкил эитилиб, унинг миқдори ЭКИҲ икки баробари этиб белгиланди. Стипендия Низоми бандларида айтилишича, «Ёшлар иттифоқи” стипендиянти бўлиш учун фақат олий таълим муассасаларида таҳсил олувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабалар ўз ҳужжатларини тақдим этишлари шарт.

Номзодларга ҳужжатларни 2 курсдан бошлаб топширишга рухсат этилади. Шунингдек, номзодларнинг ҳужжатлари ўтган ўқув йилида яхши ва аъло баҳоларга ўзлаштирган тақдирда қабул қилинади.

Низомда «Ёшлар иттифоқи» стипендиясига танлов уч босқичда ташкил этилиши назарда тутилган:

Биринчи босқичда, номзодларни анкета ва ҳужжатлари Иттифоқнинг олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотларида ҳар ўқув йилининг 3о-октябрига қадар қабул қилинади. Номзодлар ҳужжатларини олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотнинг Ёшлар Кенгаши кўриб чиқади ҳамда муносиб номзодларни ўқув йилининг 15 ноябрига қадар Иттифоқнинг туман (шаҳар) Кенгашларига тақдим этади.

Номзодларнинг ҳужжатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан кўриб чиқилиб, сараланган номзодлар ўқув йилининг 1 декабрига қадар Иттифоқнинг ҳудудий Кенгашларига тақдим этилади.

Иккинчи босқич – саралаш босқичи бўлиб, мазкур босқичда Иттифоқнинг ҳудудий Кенгаши қошида ишчи гуруҳ тузилиб, ҳудуддаги барча олий таълим муассасаларидан келган номзодларнинг ҳужжатлари ўрганиб чиқилади ва уларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-ҳуқуқий саводхонлигини аниқлашга қаратилган тест имтиҳонларидан юқори балл тўплаган ҳар бир олий таълим муассасаларидан 5 нафаргача муносиб номзодлар саралаб олинади.

Номзодлар Иттифоқ томонидан таъсис этилган лойиҳаларга таклифи ҳамда инновацион ғоясини давлат тилида 250-350 сўздан иборат иншо шаклида ёзиб тақдим этади (бунда давлат тилини билиш даражаси инобатга олинади).

Учинчи босқич – якуний босқич бўлиб, мазкур босқичга йўлланма олган иштирокчиларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда лойиҳа тақдимоти баҳоланади. Марказий Кенгашнинг йўналишлар бўйича бўлим мудирларидан ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан номзоднинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда лойиҳаси тақдимотига қаратилган суҳбат ташкил этилади. Суҳбат натижаларига кўра муносиб деб топилган ҳамда баҳолаш натижаларига кўра юқори балл тўплаган номзодлар «Ёшлар иттифоқи» стипендияси соҳиби деб топилади.


Олий таълим муассасалари талабалари учун

“Ёшлар иттифоқи” стипендияси танлови

Н И З О М И 

I. Умумий қоидалар

1.1. “Ёшлар иттифоқи” стипендияси – барча олий таълим муассасалари талабалари (бакалавр, магистр)га ижтимоий-сиёсий, маънавий ва ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда ижтимоий фаоллигига қараб бериладиган рағбатлантирувчи мукофотдир.

1.2. “Ёшлар иттифоқи” стипендияси талабаларнинг Иттифоқ фаолиятида эришган энг юқори натижаси ва ютуғи сифатида эътироф этилади.

1.3. “Зулфия” мукофоти, “Келажак бунёдкори” медали, номдор давлат стипендияси (даражаси жиҳатидан мазкур стипендиядан юқори туриши, шунингдек, “Ёшлар иттифоқи” стипендияси иқтидорли ёшларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилишини инобатга олиб) совриндорлари мазкур танловда иштирок этиши мумкин эмас.

1.4. “Ёшлар иттифоқи” стипендияси йилнинг ўн ойи давомида тўлаб бориладиган тўлов бўлиб, стипендиянинг ойлик миқдори энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида белгиланади.

II. “Ёшлар иттифоқи” стипендиясининг мақсад ва вазифалари 

Иттифоқнинг олий таълим муассасалари талабалари орасига янада чуқурроқ кириб боришини таъминлаш ва таъсирини ошириш, талабаларнинг ёшлар иттифоқи фаолиятига интилишини кучайтириш.

Олий таълим муассасалари талабаларининг жамоат ишлари ва иттифоқ фаолиятидаги фаоллиги, ташаббускорлигини рағбатлантириш.

Иттифоқ фаолиятини кучайтиришда талабаларнинг иқтидори, илмий салоҳияти, фаоллиги ва шижоатидан унумли фойдаланиш.

 III. “Ёшлар иттифоқи” стипендияси танловини ташкил этиш

3.1. “Ёшлар иттифоқи” стипендияси танловида республикадаги барча олий таълим муассасаларининг талабалари иштирок этиши мумкин.

3.2. “Ёшлар иттифоқи” стипендияси танлови уч босқичда ташкил этилади:

Биринчи босқич – иштирокчиларни анкета ва ҳужжатларини қабул қилиш босқичи бўлиб, бунда иштирокчиларнинг ҳужжатлари Ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотларида ўқув йилининг 30 октябрига қадар қабул қилинади.

Анкеталар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилотлари Кенгашида қабул қилинади.

Танловда қатнашишга муносиб кўрилган ҳужжатлар олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилот етакчиси томонидан ўқув йилининг
15 ноябрига қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман Кенгашларига тақдим этилади.

Танлов иштирокчиларининг ҳужжатлари туман Кенгашлари томонидан ўқув йилининг 1 декабрига қадар Иттифоқнинг ҳудудий Кенгашларига тақдим этилади.

 

Танловда иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

– танлов анкетаси;

– фуқаролик паспорти нусхаси;

– 2 дона (3х4 ҳажмдаги) расм;

– Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилот етакчиси ҳамда Иттифоқнинг туман Кенгаши раисидан тавсифий-тавсиянома;

– иштирокчининг иқтидори ва фаоллигини кўрсатувчи ҳужжатлар (фахрий ёрлиқ, диплом, сертификат ва бошқа);

– иштирокчининг фаоллиги ва иқтидорини кўрсатувчи илмий-публицистик материаллар (тўпламлар ёки матбуотда чиққан илмий мақоласи, тезислари, публицистик мақоласи);

– иштирокчининг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан таъсис этилган лойиҳаларга таклифи ҳамда инновацион ғояси (чоп этилган ҳолда).

Иккинчи босқич – саралаш босқичи бўлиб, мазкур босқичда Ҳаракатнинг Ҳудудий Кенгаши қошида ишчи гуруҳ тузилиб, ҳудуддаги барча олий таълим муассасаларидан келган иштирокчиларнинг ҳужжатлари ўрганиб чиқилади ва иштирокчиларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-ҳуқуқий саводхонлигини аниқлашга қаратилган тест имтихонларидан юқори балл тўплаган ҳар бир олий таълим муассасаларидан 5 нафаргача муносиб номзодлар саралаб олинади.

Иштирокчилар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан таъсис этилган лойиҳаларга таклифи ҳамда инновацион ғоясини давлат тилида 250-350 сўздан иборат иншо шаклида ёзиб тақдим этади (бунда давлат тилини билиш даражаси инобатга олинади).

Учинчи босқич – якуний босқичи бўлиб, мазкур босқичга йўлланма олган иштирокчиларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий саводхонлиги ҳамда лойиҳа тақдимоти баҳоланади. Ишчи гуруҳ томонидан номзоднинг ижтимоий-сиёсий, маънавий саводхонлиги ҳамда лойиҳаси тақдимотига қаратилган суҳбат ташкил этилади. Суҳбат натижаларига кўра муносиб деб топилган ҳамда баҳолаш натижаларига кўра юқори балл тўплаган талабалар “Ёшлар иттифоқи”стипендияси соҳиби деб топилади.

“Ёшлар иттифоқи” стипендияси соҳиблари рўйхати Иттифоқнинг Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси мажлиси қарори билан тасдиқланади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

3.3. Танловнинг барча босқичларида белгиланган муддатдан кечикиб тақдим этилган ҳужжатлар қабул қилинмайди, шунингдек, тақдим этилган ҳужжатлар қайтариб берилмайди.

3.4. “Ёшлар иттифоқи” стипендияси соҳиби бўлган талабалар танловда такроран иштирок этиши мумкин эмас.

IV. Совриндорлари билан узлуксиз ишлаш ва уларни рағбатлантириш

“Ёшлар иттифоқи” стипендияси совриндорлари ўзлари билдирган таклиф ва инновацион ғоялардан келиб чиқиб, қуйидаги координаторлик гуруҳларига ажратилади ҳамда туман ҳудудидаги ёшлар ўртасида лойиҳаларни юқори савияда ўтказилишига масъул ҳисобланади:

Ижтимоий ҳимоя ва ҳуқуқий лойиҳа координаторлари – таълим муассасалари, болалар оромгоҳлари, корхона, ташкилот ва муассасалар, фермер хўжаликлари, ҳарбий қисмлар ҳамда маҳаллаларда ёшларга оид давлат сиёсатида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишлар олиб боради.

Маънавий ва маърифий лойиҳалар координаторлари – таълим муассасалари, болалар оромгоҳлари, корхона, ташкилот ва муассасалар, фермер хўжаликлари, ҳарбий қисмлар ҳамда маҳаллаларда ёшлар маънавиятига салбий таъсир қилувчи зарарли ғоялар, диний оқимлар, иллатларга қарши ёшлар онгида иммунитет ҳосил қилуви лойиҳаларни  ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишлар олиб боради.

Спорт, саломатлик ва экологик маданият лойиҳалари координаторлари – таълим муассасалари, болалар оромгоҳлари, корхона, ташкилот ва муассасалар, фермер хўжаликлари, ҳарбий қисмлар ҳамда маҳаллаларда ёшлар ўртасида спорт, соғлом турмуш тарзи, ёшларнинг экологик маданиятини ривожлантиришга оид лойиҳаларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишлар олиб боради.

Тадбиркорлик ва туризм лойиҳалари координаторлари – барча таълими муассасаларида ёшлар учун экотуризм ёки туризм соҳасидаги ғояларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик, кичик бизнес учун яратилган имкониятлардан фойдаланишга йўл очадиган лойиҳаларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишлар олиб боради.

Инновацион ғоялар ва IТ лойиҳалари координаторлари – барча таълим муассасалари ва маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар учун робот техника, инновацион технологиялар, замонавий ахборот коммуникацион технологияларидан кенг фойдалишни таъминлашга қаратилган лойиҳаларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишлар олиб боради.

Совриндорларни рағбатлантириш тартиби:

“Ёшлар иттифоқи” стипендияси совриндорлари “Йил талабаси” танловида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади ҳамда ҳудуд миқёсидаги танлов ғолиби “Келажак бунёдкори” медалини олишга номзод сифатида тавсия этилади.

“Ёшлар иттифоқи” стипендияси совриндорларига улар кейинги фаолияти давомида ҳам Иттифоқ фаолиятида фаол иштирок этган тақдирда йилнинг ўн ойи давомида энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида стипендия тўлаб берилади.

“Ёшлар иттифоқи” стипендиси совриндори бўлган, устама иш ҳақи тўланадиган Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилот етакчиларига стипендия тўланмайди.

Совриндор кейинги фаолияти давомида Иттифоқ фаолиятида фаол иштирок этмаса Иттифоқнинг туман Кенгаши тақдимига биноан унга стипендия тўлаб бориш тўхтатилади ва “Ёшлар иттифоқи” стипендияси совриндорига берилган гувоҳнома бекор қилинади.

“Ёшлар иттифоқи” стипендияси совриндорларига тўлаб бориладиган стипендия учун маблағ Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Марказий Кенгаши ҳисобидан ажратилиб, ҳудудий Кенгашлари орқали тўлаб борилади.

Совриндорларга стипендия тўлаб бориш тўхтатилган тақдирда, улар учун ажратилган маблағ Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Марказий Кенгашига қайтарилади.


ТТА Ёшлар иттифоқи БТ етакчиси Мавлянов С.И.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқи

Шавкат Мирзиёев 17 ёшли Шириной Раҳимовага «Спарк» совға қилди