Тошкент Ботаника боғида бўлиб ўтган Ёшлар ва талабалар форумида ТТА ёшлари иштирок этдилар
29 июндан 30 июнга қадар «Учинчи ренессанс бунёдкорлиги» шиори остида Тошкентда пойтахт ҳокимлиги томонидан ташкил этилаётган Ўзбекистон Ёшлар ва талабалар форуми бўлиб ўтди. Давлат раҳбари 30 июнь куни Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форуми доирасида ёшлар билан учрашди.
Ўзбекистон ёшлар ва талабалар форуми доирасидаги тадбирлар Тошкент ботаника боғида, икки кун давомида барча санитария талабларига риоя қилган ҳолда 29 ва 30 июнь кунлари бўлиб ўтди..
Форумнинг асосий мақсади – ташаббускор ва истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларга ўз қобилият ва кўникмаларини намоён этиш, ёш авлоднинг илм-фан, санъат, маданият ва спортга бўлган қизиқишини ошириш, талабалар ва битирувчиларга жамиятда муносиб ўринларини топишга ёрдам беришдан иборат.
Тадбирга бутун мамлакатдан 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган 7 мингга яқин ёшларни жалб қилинди. 29 июндаги форумда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш @Yoshlar_forumi_bot телеграм-боти орқали амалга оширилди.
Форумда бир қатор тадбирларни ташкил қилиш кўзда тутилган эди. Жумладан, махсус павилионларда ёшларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш, уларнинг иқтидори ва қобилиятларини юзага чиқаришга йўналтирилган «Тафаккур синовлари» интеллектуал тадбир ва танловлари ўтказилди.
«Заковат», «Мнемоника», «Ментал арифметика», «Шахмат», «Кубик-Рубик» интеллектуал танловлари бўлиб ўтди.
Aниқ фанларни чуқур биладиган, хотираси кучли ёшлар ўртасида сунъий интеллект соҳасидаги мусобақалар, ёш олимлар, маркетологлар билан учрашувлар, «Marketing.uz», «Design Club Uzbekistan», «Modul 5», «Бизнесга Қадам» ва шу каби истиқболли лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди.
«Яшил ташаббус» компаниясида ёшлар атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган тадбирларда қатнашдилар. Форум доирасида Ёшлар симфоник оркестри концерти ҳам ташкиллаштирилди.
Форум доирасидаги тадбир ва танловлар Тошкент шаҳар ҳокимияти, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон шахмат федерацияси, Ёшлар ишлари агентлиги, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги, Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, АКТ вазирлиги, АОКА, Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги, Фанлар академияси, ЭОАВМА, МТРК ва бошқа ташкилотлар кўмагида ташкил қилинди.
Форумнинг 2-куни янада қизиқарли давом этди, сабаби Президентимиз шахсан ўзлари ташриф буюриб, ёшларни байрам билан табриклади. Икки кун давомида Тошкент тиббиёт академияси ёшлари катта иштиёқ ва қизиқишлар билан форумда иштирок этдилар. Мумтоз мусиқалар ижроси бўйича караокэ, шахмат, стол тенниси, илмий мунозаралар, кубик-рубик йиғиш, компьютер графикаси ва дастурлаш, китобхонлик, мушоира, ёш биологлар ва экологлар ҳамда полиглотларнинг билимлар беллашувлари ва турли мусобақалар ТТА талаба ёшлари ҳаётида унутилмас таассуротлар қолдирди.
Ўктамова Динара Зафар қизи- Тиббий педагогика факультети 4 босқич талабаси:
Ёшлар ва талабалар форумида иштирок этиб ўзим учун катта таассуротларга, кўникмаларга ва билимга эга бўлдим. Бунинг учун Тошкент тиббиёт академияси ректори А.К.Шадмановга, Ёшлар билан ишлаш бўйича проректоримиз Т.A. Бобомуратовга, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Ж.М.Умаровга ва ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлимининг барча меҳрибон ҳодимларига алоҳида раҳмат. Яхши форум бўлди. Мароқли дам олдик ва қизиқарли танловларда мазза қилиб иштирок этдик. Ташкилотчиларга ҳам катта раҳмат. Барча иштирокчиларга ҳам келгуси ўқиш ва иш фаолиятларида омад тилайман!
Жуманазарова Мохинур Жуманазар қизи– 1-сон даволаш факультети 3 курс талабаси:
29-30 июн кунлардаги бўлиб ўтган «Ёшлар форумида» иштирок этганимдан жуда ҳурсандман. Ушбу форумда Мухтарам Президентимиз Ш. Мирзиёев биз Ёшлар билан тўғридан тўғри мулоқот қилганларидан, биз билан фикр алмашганларидан бошимиз осмонга етди. Ушбу учрашув бизнинг келажагимизга бўлган ишончимизни янада оширди десам ҳато бўлмайди. Ушбу форумда ўз тенгқурларим ҳамда ўзимдан ёшлари ва малакалари улуғ бўлган инсонлар-врачлар ва магистрлар билан фикр алмашганимда, ўзимда келажагим учун ҳаракатим, ишончим, кучим ва ғайратим ошганини сездим. Бу кунлар мен учун ҳеч унутилмас кунлар бўлиб қолади. Ректоримиз A.Қ.Шадмонов биз талабалар билан жуда актив ишлаганлари учун ҳамда ушбу форумда бизга бош-қош бўлган барча ташкилотчилар ва ҳодимларга чин кўнгилдан катта миннатдорчилигимни билдираман.
Тадбир якунида эстрада санъаткорлари, дижейлар ва шоу-бизнес юлдузлари иштирокида катта гала-концерт ҳам уюштирилди. Хуллас, ҳақиқий ёшлар байрами бўлди.
Барча ёшларга байрам муборак бўлсин!
ТТА Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти